КОСОНСОЙДА ЗАМОНАВИЙ ХУСУСИЙ КЛИНИКА ИШ БОШЛАДИ

28.12.2019

Янги йил арафасида Косонсой туманида “Иброҳимжон ота” хусусий клиникаси иш бошлади. Ушбу тадбирда туман ҳокими Баҳодир Юсупов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида бозор иқтисодиёти муносабатларини татбиқ этиш асосида нодавлат даволаш муассасаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарори мана шундай замонавий хусусий клиникалар сони ортишига хизмат қилмоқда.

Ушбу объект қурилишига тижорат банки томонидан ажратилган 1,5 миллиард сўм миқдоридаги кредит ва лойиҳа ташаббускорининг 6,5 миллиард сўмлик маблағи сарфланди.

- Бундай замонавий тиббиёт муассасалари, айниқса, барча қулайликларга эга хусусий клиникаларнинг чекка қишлоқларимизда ҳам очилиши мамлакатимизда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг ривожланиши ва аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим қадам ташланаётганининг белгисидир, - деди туман ҳокими Б.Юсупов. - Албатта, барчамиз “Иброҳимжон ота” хусусий клиникасига ўхшаган кўп тармоқли тиббий марказларнинг кўпайиши тарафдоримиз. Чунки, кўриб турганимиздек, бу ерда турли хасталикларни эрта аниқловчи замонавий ускуналар мавжуд. Бу дегани - аҳоли ортиқча вақт ва маблағ сарфламай, шундай шинам марказларда деярли тўлиқ тиббий кўрик ва ташхислардан ўтишлари, саломатликларини тиклашлари мумкин бўлади.

Шунингдек, тиббий марказда лаборатория, УЗИ, ЭКГ орқали турли касалликларни эрта аниқлаш ва ташхис қўйиш имкониятлари ҳам мавжуд. Клиника 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, физиотерапия, массаж, фитобар бўлимларида даволанувчилар учун барча қулайлик яратилган. Клиника иш бошлаши билан 30 нафар киши иш билан таъминланади.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.