МУҲИМ ҚАДАМ

13.07.2017

Мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳар бир соҳада оламшумул, тарихий улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора – тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Қарорда Республиканинг ихтисослаштирилган тиббий ёрдамини янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, унинг географиясини туман (шаҳар) даражасигача кенгайтириш каби кўплаб долзарб чора - тадбирлар белгиланди. Эндиликда барча даражаларда ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш  тизими тубдан ислоҳ қилинади.

Шунингдек, қарорда ихтисослаштирилган  тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида Республика бўйича ва ҳар бир минтақада касалликлар тенденцияларини ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган замонавий таҳлилий ва илмий – тадқиқот ишларини кенг қўллаш назарда тутилган. Бундан ташқари, 2018 йил 1 январгача имтиёзли тоифа алоҳида ҳисобга олинган ҳолда тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади.

2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча ихтисослаштирилган  марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан ёзилиш имконини берадиган электрон дастур жорий этилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, қарорда даволаниш учун чет элга жўнаб кетаётган юртдошларимизни ижтимоий – ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, маҳаллий мутахассисларнинг амалий ва назарий кўникмаларини ошириш мақсадида хорижий етакчи олимлар, врачлар ва мутахассисларни шартнома асосида республикага жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бу эса мамлакатимиз аҳолисининг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, узоқ ва мазмунли  умр кўришларини  таъминлаш, миллат генофондини асраб авайлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 
© 2014, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.